Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси ва шаҳар, туман давлат солиқ инспекцияларида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Солиқ қарзининг пайдо бўлиш сабаблари, тўловларнинг амалга оширилишида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари» мавзусида «Очиқ эшиклар куни» тадбирлари ўтказилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Унда Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, ҳужжатда белгиланган солиқ имтиёзларидан унумли ва мақсадли фойдаланиш, улар фаолиятида учраётган муаммолар муҳокама этилмоқда.
Вилоятда олиб борилган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида 266 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклади ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши билан улардаги 1,8 миллиард сўм солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди.
Бу эса, ўз навбатида, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаши, янги иш ўринлари яратиши ҳамда бюджет тушумларига ҳисса қўшиш мақсадида давлат томонидан биринчи бор берилаётган имкониятдир.
«Бир неча йилдан бери давлатдан молиявий жарима бўйича қарзларимни тўлолмай юрган эдим, — дейди А.Супонов. — Давлат томонидан яратилаётган имкониятлар, солиқ қарздорлигининг кечилиши фаолиятимни қайта тиклаш имконини берди. Давлат солиқ органлари ходимлари томонидан 67,8 миллион сўмлик солиқ қарзларим ҳисобдан чиқарилди».
Фуқаро Рашид Бойчаевнинг ҳам 67 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги мавжуд эди. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, қайта рўйхатдан ўтди ва барча қарздорлигидан қутилиб, ҳозирги кунда тадбиркорликни бошлади.
Изоҳ (0)