2018 йилнинг 22 ноябрь куни Бруссел шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация «Ўзбекистон—Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгашининг 14-мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Европа Иттифоқи делегациясига ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Австрия Республикасининг Европа ишлари, интеграция ва ташқи ишлар масалалари бўйича федерал вазири Карин Кнеиссл бошчилик қилди.
Тадбирда икки томон кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
Муҳокама қилинган деярли барча масалалар бўйича мавқе’ ва қарашлар яқинлиги ёки мос келиши ҳамда узоқ муддатли ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдорлиги тасдиқланди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларни 23 ноябрь куни бошлашга келишиб олинди. Ушбу битим 1999 йил 1 июлдан буён амал қилаётган Ўзбекистон ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнини босиши кутилмоқда.
Европа томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига кўмак беришга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Афғонистонда тинчликни ўрнатишда фаол ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Мажлис якунида Абдулазиз Комилов ва Карин Кнеиссл матбуот анжумани ўтказди.
Изоҳ (0)