Самарқанд шаҳар ҳокимлигида 40 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жой биноларига ҳокимнинг мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан қарорлари топширилди. Тадбирда Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов ва Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқарма бошлиғи ўринбосари А.Турабов иштирок этди. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармонига асосан Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан жойларда аҳоли билан сайёр учрашувлар ўтказилиб жойида аниқланган ҳолатлар юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Акция доирасида ўтказилаётган сайёр учрашувлар ва бошқа тарғибот тадбирлари натижасида бугунга қадар вилоят бўйича фуқаролар томонидан жами 8 801 та ариза қабул қилинган бўлиб, улардан 1 139 тасига мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан ҳоким қарори чиқарилди. Қолган 1 440 таси маълум сабабларга кўра рад этилган ва 4 603 таси комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқиш жараёнида турибди.
Фуқаролар ўзбошимчалик билан қурилган турар жой биноларига ва иморатларга нисбатан юридик мақом яъни эгалик ҳуқуқини эътироф этиш мақсадида ҳудудлардаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиши мумкин. Мазкур мурожаат бепул ва мурожаат қилинган санадан бошлаб 11 кун муддатда туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида тузилган ишчи комиссия аъзолари томонидан ўрганиб чиқилади ва ижобий хулоса берилганидан сўнг ҳоким қарори чиқарилиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида давлат божи тўланади.
Изоҳ (0)