Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида «Ёшлар — келажагимиз« Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тузилган ишчи гуруҳ кўмагида Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида аҳолининг 3 мингдан зиёд муаммоси ҳал қилинди, 275 тадбиркорга 43 миллиард сўм кредит ажратилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳ 22 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Маданият, Кушек, Жумагул, Тинчлик, Пахтазор, Дўстлик, Беруний маҳаллаларида ичимлик суви таъминоти қайта тикланишини, 78,5 километр автомобиль йўллари ва 36 жамоат транспорти бекати жорий ва капитал таъмирланишини таъминлади.
Ёш оилалар учун уй-жой ва ижтимоий инфратузилма объектлари, жумладан, мактабгача таълим муассасаси, болалар ижодиёти маркази, спорт ва болалар майдончалари, истироҳат боғи, ёшлар тадбиркорлиги учун объектлар жойлашган «Ёшлар — келажагимиз» мажмуаси қуриб битказилишига кўмаклашди.
Мажмуа таркибида замонавий ахборот-ресурс маркази ташкил қилинди. Марказ юқори созламали компьютер техникалари ва оптик толали интернет алоқа тизими билан таъминланди. Шунингдек, мазкур тизим давлат органлари сайтлари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди тармоғи ҳамда ZiyoNET таълим порталига уланди.
Бундан ташқари, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари жадаллаштирилди. Хусусан, туман ҳудудида велосипед ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона ташкил этиш бўйича 80 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда 3 мингдан зиёд, шундан 70 фоизи ёшларга мўлжалланган янги иш ўринлари яратиш режалаштирилди.
Изоҳ (0)