Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 апрелдаги «1941—1945 йиллардаги уруш фахрийларини, шунингдек, фашистлар конслагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида уруш фахрийлари ва фашистлар конслагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга ҳар ойда зарурий озиқ-овқат ҳамда гигиена маҳсулотлари, ҳар йили кийим-кечак ва пойабзаллар бепул тарқатилмоқда. Фарғона вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар олиб борилмоқда, деб ёзади ЎзА.
«Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими ва мутасадди ташкилотлар вакиллари уруш фахрийлари учун тайёрланган туҳфа — қишки ва ёзги кийимлар жамланмасини ўз эгаларига топширди. Фарғона шаҳрида истиқомат қилаётган 16 нафар нуроний хонадонига ташриф буюрилиб, улар ҳолидан хабар олинди ва мазкур совғалар уларга тақдим этилди.
Уруш фахрийларининг суронли жанггоҳларда кўрсатган жасорати, Ватан ҳимояси йўлидаги мардонавор кураши бугунги авлод учун улуғ ибрат ва сабоқдир. Нуронийлар ҳузурида бўлган мутасаддилар ана шулар ҳақида тўхталди. Йўқловлардан фахрийларнинг оила аъзолари ҳам миннатдор бўлди.
Бу каби ташрифлар ҳар бир туман, шаҳарда амалга оширилиб, нуронийларнинг хонадонида самимий изҳорлар билдирилмоқда.
Изоҳ (0)