Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга агрологистика марказлари (АЛМ) қурилиши учун 197 млн доллар миқдорида кредит тақдим этади. Агрологистика маркази янги ва қайта ишланган мева ва сабзавотлар саралаш, сақлаш ҳамда етказиб бериш билан шуғулланади. Бу ҳақда Turon 24 хабар берди.
ОТБ агрологистика марказларини қуриш учун 25 йил муддатга 5 йиллик имтиёз билан кредит ажратади. Кредит давлат бюджети ҳисобидан тўланади.
Ўз навбатида Ўзбекистон ҳам лойиҳага 47,75 млн доллар миқдорида сармоя ажратади. Сармоя 39,15 млн доллар солиқ ва божхона тўловларидаги имтиёзлар, 8,60 млн доллар эса инвестиция даври мобайнида молиявий харажатларни қоплаш шаклида тақдим этилади.
Агрологистика марказлари Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида қурилади. Қурилиш лойиҳасини 2023 йилда якунлаш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, АЛМ қурилиши якунланганидан сўнг мазкур ҳудудда эркин иқтисодий зона яратиш таклиф этилмоқда.