Ўзбекистонга келаси йил Жанубий Корея президенти ташриф билан келади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Сеулдаги «Форум Корея — Осиё 2018» халқаро конференциясида маълум қилди, деб ёзади «Podrobno.uz».
Норовнинг сўзларига кўра, Тошкент ва Сеул ўртасидаги сиёсий ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг юқори даражаси мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун энг қулай шароитларни яратади.
«Бизнинг мамлакатимизда Корея Республикаси президентининг Ўзбекистонга келаси йилдаги жавоб ташрифини ташкиллаштириш бўйича энг юқори даражада зарур тадбирлар олиб борилмоқда», — деди у.
Корея президентининг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида Тошкентда 29—30 ноябрь кунлари Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Шимолий иқтисодий сиёсат қўмитаси ва Ханянг университети билан ҳамкорликда «Ўзбекистон-Корея: келажак тасаввури» семинари ўтказилади.
Изоҳ (0)