4 ноябрь куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида ўтказилган балиқ сайлида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва эҳтиёжманд фуқароларга икки тонна балиқ тарқатилди. Бу ҳақда «Turon24» хабар бермоқда.
Балиқ сайли «Оқ амур балиқлари» фермер хўжалиги томонидан «Мароқанд» деҳқон бозори негизидаги автомобиль бозори ўрнида ташкил этилди. Сайил балиқчилик комплекси ва экобоғ, балиқчилик инновацион илмий ўқув маркази ҳамда балиқчилик лабораторияси ташкил этишга бағишланган тадбир доирасида бўлиб ўтди.
Умумий қиймати 49 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа балиқчиликдан ташқари 200 ўринли махсус мактабгача таълим муассасаси, 100 ўринли меҳмонхона ҳамда кўп қаватли турар жойлар барпо этиш учун йўналтирилади. Лойиҳани амалга ошиши натижасида 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Ҳозир вилоятда 441 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. 2018 йилнинг ўтган 10 ойида 7,093 тонна балиқ овлаш режаси белгиланган. Амалда 7 484,9 тонна балиқ овланган.
«Ипотека Банк» акциядорлик-тижорат ипотека банки Самарқанд филиалининг маълум қилишича, балиқчилик соҳаси учун 2018 йилнинг якунигача 52,4 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилади. 1 октябрь ҳолатига кўра, 47,6 миллиард сўм кредит маблағи берилган.
2018—2019 йилларда Самарқанд вилоятида балиқчилик соҳасига 35 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш белгиланган. Шундан ҳозиргача 10,5 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этиш бўйича юқоридаги каби лойиҳалар танлаб олинган.
Изоҳ (0)