Тошкентда бўлиб ўтган «Терроризмга қарши курашиш — чегара билмас ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари терроризм, шу жумладан, ИШИД ташкилотига қарши курашда Афғонистонга ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ ахборотида маълум қилинди, деб ёзади Газета.uz».
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг икки кунлик конференциясида ташкилот иштирокчиси бўлган мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот органлари ва БМТ, ЕХҲТ ва МДҲ халқаро аксилтеррорчилик тузилмаларининг вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик афғонларнинг ўзи ва афғонлар бошчилигида ўрнатилиши минтақада умумий хавфсизлик ва барқарорликни юзага келтиришини таъкидлади.
Унда чиқиш қилганлар ИШИД террорчилик ташкилоти томонидан Европа, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда террорчилик фаолияти ўчоқларини яратиш бўйича мақсадли йўналтирилган ишлар олиб борилаётганлигига эътибор қаратди.
Изоҳ (0)