Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ходимларидан бир нечтаси ўқувчи қизларни зўрлашда гумонланмоқда. Бу ҳақда, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилларига асосланиб, Turon24 хабар берди.

Фото: Google Photos

Айтилишича, Қўқон шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари шаҳардаги Maxсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизларнинг номусига тегилгани юзасидан тергов бошланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қўқон шаҳар Maxсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида саломатлигида ва хулқида нуқсони бор ўқувчилар ўқийди. Маълум бўлишича, коллежнинг 16 ёшли ўқувчиси ҳомиладор бўлиб қолган. Қўқон шаҳар прокуратураси аноним сўроқ ўтказган. Шунда бошқа қизлар ҳам жинсий зўравонлик қурбони бўлишгани ҳақида ёзиб беришган.

Шаҳар прокуратураси шу йилнинг 15-20 октябрь кунлари коллежнинг молиявий, ташкилий ва тарбиявий ҳолати бўйича тафтиш ўтказган. Барча ходимлардан тушунтириш хати олинган. Ҳозир гинекологлар ҳам ўқувчи қизларни текширувдан ўтказишмоқда. Уларнинг 80 фоизи зўрлаш қурбони бўлган бўлиши мумкин.

Бу ҳақда Turon24 мухбири вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасидан ҳам маълумот олмоқчи бўлди. Аммо гўшакни кўтарган Собиржон исмли ходим ишга янги келганини, бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини айтиб маълумот беришдан бош тортди.

Гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг «номусга тегиш», «жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш», «ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш», «мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олиш» сингари моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

Коллеж директори давлат мулкини талон-тарож қилганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш; директорнинг ҳайдовчиси, коллеж қоровули, ёшлар етакчиси ва руҳшуноси жинсий зўровонликда айбланиб, ҳибсга олинган.