Наманган туман адлия бўлими томонидан Наманган туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими фаолиятини ўрганиш давомида бир қатор камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хусусан, бўлим маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаса-да, 7 нафар фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан ноқонуний қарорлар қабул қилган. Аслида ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш суднинг ваколатига тааллуқли.
Масалан, давлат ер кадастри қоидаларини бузган деб Наманган туманидаги «Саховат кумуш толаси» фермер хўжалиги раҳбари Қ.Қўчқоровага нисбатан 516 720 сўм маъмурий жарима қўлланилган.
Ваҳоланки, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.
Шунга кўра, Наманган туман адлия бўлими томонидан юқоридаги ноқонуний қарорларни бекор қилиш юзасидан туман маъмурий судига ариза киритилди ҳамда Наманган туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг 7 та ноқонуний қарори бекор қилинди.
Шунингдек, фермер хўжалиги раҳбарларига белгиланган жарималарни мажбурий тартибда ундиришга оид ижро ҳужжатлари ҳам бекор қилиниб, улар жарима тўлашдан озод этилди.
Изоҳ (0)