Хитой марказий телевидениесининг CCTV-4 канали телеижодкорлари томонидан Фарғона ва Марғилон шаҳарлари ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими таклифи асосида мамлакатга ташриф буюрган Хитой марказий телевидениесининг 12 нафар ходими уч кун давомида Марғилоннинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти, ўзбек халқининг урф-одат ва анъаналари ҳақида лавҳалар тайёрлади.
«Хитойда Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистонга, ўзбек халқининг бой тарихий-маданий меросига қизиқиш катта. ‘Бир камар – бир йўл’ лойиҳаси доирасида дастлаб Тошкент шаҳри ҳақида ҳужжатли фильм тайёрладик. Дастуримиздаги кейинги манзил Фарғона вилояти бўлди. Уч кун давомида Марғилон ва Фарғона шаҳарларининг диққатга сазовор жойларини тасвирга олдик. Бу туркум кўрсатувлар орқали Хитой халқини Ўзбекистон ва унинг бетакрор табиати, бой тарихий мероси, ажойиб одамлари билан таништиришни мақсад қилганмиз», — дейди Хитой марказий телевидениеси бош муҳаррири Ян Хуа.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлимида хитойлик телеижодкорлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов фарғоналик журналистларнинг Хитойга сафарлари, хитойликларнинг Фарғона вилоятига ташрифи ҳақида сўзлаб берди, айни мавзуда ҳикоя қилувчи ҳужжатли лавҳалар намойиш этилди.
«Ўзбекистон ва Хитой ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда дўстона муносабатлар тобора ривожланмоқда. Хитой Халқ Республикаси Журналистлари ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари бунинг далилидир», — дейди М. Обидов.
Изоҳ (0)