Шу йилнинг 11 октябрь куни Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасига Н.О. ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида 2018 йил 10 октябрь куни молхона қуриш учун ер майдони ажратиш юзасидан Мингбулоқ тумани ҳокимлигига борганида, у ерда бўлган Х.М. фермер хўжалиги раҳбари бўлмаса-да, ўзини тумандаги «Шуҳрат Абдулқосимович» номли фермер хўжалиги раҳбари деб таништирганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабарига асосланиб, ЎзА маълум қилди.
Х.М. фуқаро Н.О.нинг ишончига кириб, унга ўзининг фермер хўжалигига тегишли бўлган 6,5 гектар ер майдонига молхона қуриш учун туман ҳокими қарорини чиқартириб беришини айтиб, эвазига 50 минг АҚШ доллари беришини сўраган.
Мазкур аризага асосан, шу куни Наманган вилояти ИИБ ҳамда Наманган вилояти прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида Мингбулоқ туманидаги «Шуҳрат Абдулқосимович» фермер хўжалиги иш юритувчиси бўлиб ишловчи Х.М. Наманган шаҳрининг Гўзал даҳасида ариза муаллифи Н.О.дан талаб қилинган пуллардан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан Х.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми, 28-моддаси ва 211-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган.
Изоҳ (0)