Олдин хабар қилинганидек, Россия, Франция ва Швейцария спелеологларидан иборат халқаро экспедиция аъзолари жорий йилнинг 3 августидан 17 августигача Бойсун тоғларидаги Бойбулоқ ғорини тадқиқ қилиш жараёнида тиранозаврларникига ўхшаш бир неча изларни топди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

«Бизнинг давримизда динозаврларнинг янги халқасини топиш — анча кам учрайдиган ҳодиса. Бундан олдин Хўжа Ғурғур Ота тоғ тизмасида динозаврларнинг излари топилган эди. Бу гал эса Чўлбайир тизмасида илк бор динозаврларнинг излари топилди. Излар Бойбулоқ ғори яқинида, ғордан баландликка кўтарилиб боравериш жойида топилди. Изларнинг уч тирноқли эканидан келиб чиқиб мутахассислар бу динозаврларнинг йиртқич тури вакилининг изи деб ўйлашади. Чўлбайирдаги динозавр излари бир неча миллион йиллик излар, деб айтиш мумкин», — дейди халқаро экспедиция раҳбари Вадим Логинов.

Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Бойбулоқ ғори Осиёдаги энг чуқур ғор ҳисобланади. Унинг чуқурлиги 1 415 метрни ташкил этади. Бойсунтоғнинг Хўжа Ғурғур Ота тизмасидаги «Қоронғи юлдуз» ғорлар тизими эса дунёдаги энг чуқур ғор бўлиши мумкин, аммо ҳозирча қатор сабаблар боис ушбу ғорлар тизимини тўлиқ ўрганишнинг имкони бўлмаган.