Санжар Хўжаев 2007 йил Францияга тил ўрганиш учун келган. Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида туғилган Санжарбек Ўзбекистонда француз тилининг бошланғич сабоқларини олиб, кейинчалик билимларини бойитиш учун Париж шаҳрига йўл олади, деб ёзади ЎзА.
«Париж шаҳридаги Cours Florent театр мактабида таҳсил олдим, — дейди Санжарбек. — Сабаби, бу соҳада француз тилининг энг нозик ва адабий жиҳатларини ҳам ўзлаштириш мумкин. Уч йил шу соҳада таҳсил олдим ва француз тилини мукаммал ўргандим. Бундан ташқари француз маданиятини ҳам чуқур билишга ҳаракат қилдим. Маълумки, француз маданияти ва санъати ҳам ўзбек миллий анъаналари каби жуда чуқур тарихга эга. Французлар ўзбек санъатини жуда ҳурмат қилишади ва қадрлашади. Ўқишни тамомлаш арафасида ‘Шум бола’ асаридан парча саҳналаштириб, француз актёрлари ижросида саҳнага қўйдим».
Айни пайтда хусусий корхонада фаолият юритаётган Санжарбек Парижнинг Меҳмонхона Бошқаруви Академиясида менежмент магистратурасини ҳам тугатган. У келгусида бу борадаги тажрибаларни ўзлаштириб, ватан равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиш ниятида.
Изоҳ (0)