Бухоро вилоятида пахтани пайҳон қилиш юзасидан бир нечта ҳолатлар аниқланди, деб хабар беради вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати

1 октябрь куни соат 07:00 ларда Пешку тумани Хуррам маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1965 йилда туғилган фуқаро Т.Т. ҳамда шу манзилда яшовчи Н.Й.лар ўзларига тегишли бўлган 6 бош қўй ва эчкиларини қаровсиз қолдирганлиги оқибатида ушбу чорва моллари «Нодирбек Дилнура» фермер хўжалигига қарашли пахта даласини пайҳон қилганлиги аниқланган. Бир бош қўй ва бир бош эчки сўйилиб, ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга тарқатилган.

Шунингдек, 4 октябрь куни Бухоро тумани Талалиён маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаро Ш.Т. ўзига тегишли бўлган 1 бош йирик шохли қорамоли ва бир бош қўйини «Юринпоён ери» фермер хўжалигига қарашли пахта даласида боқиб пайҳон қилганлиги аниқланган. Бир бош қўй сўйилиб, ҳудуддаги 38-сон мактабгача таълим муассасасига топширилган.

Иккала ҳолат юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддаси (Экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш)га асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.