«Нотариат тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчаларга киритилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.
Жумладан, «Нотариат тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан, нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин.
Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.
Сенаторлар томонидан мазкур қонуннинг қабул қилиниши тегишли ташкилотлар, айниқса, нотариат идоралари фаолиятини янада яхшилаб, фаолиятини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши хусусида фикр билдирилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)