Адлия идораларининг 2017 йил якунларига бағишланган йиғилишида вазир Русланбек Давлетов нотариат соҳасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни қаттиқ танқид қилган эди. Жумладан, нотариат аҳолидан энг кўп эътироз тушаётган соҳа экани таъкидланиб, фуқаролар билан ишлашда ҳанузгача қўпол муомалада бўлиш, уларни сарсон қилиш, кўрсатилган хизматлар учун ортиқча пул маблағларининг ундирилиши каби ҳолатлар билан муроса қилиб бўлмаслиги айтилганди, деб ёзади ЎзА.
Йил бошида айтилган бу каби танқидий фикрлардан кейин нотариат соҳасида ўзгаришлар бўлдими?
Айни пайтда адлия тизимидаги ҳар бир фаолият очиқлик ва шаффофлик асосида ташкил этилибгина қолмай, ҳар бир ходимдан халққа қўлини кўксига қўйиб хизмат қилиш талаб этилмоқда. Соҳа ходимларининг ишлари аҳоли томонидан билдирилган фикрлар, махсус баҳолаш тизими орқали қўйилган баллар орқали сарҳисоб қилиб борилмоқда. Яқинда нотариусларининг иш фаолияти билан боғлиқ ана шундай сарҳисоб натижалари эълон қилинди.
Баҳолаш давомида нотариус томонидан расмийлаштирилган нотариал ҳаракатлар сони ва сифати, аҳолига хизмат кўрсатишда қулайлик ва тезкорликнинг таъминланганлиги, фаолиятидаги ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар кўлами, касбий вазифаларини бажариш даражаси ҳамда соҳани ривожлантиришдаги фаоллиги ҳисобга олинди. Баҳолаш ҳар бир кўрсаткич бўйича белгиланган мезонлар асосида 100 баллгача бўлган тизимда амалга оширилди.
Сифатни баҳолаш натижаларига кўра, тўпланган балларга қараб барча нотариуслар ва ҳудудлар рейтинги тузилди. Республика бўйича 651 нафар нотариусдан 28 нафарининг иш фаолияти «аъло», 268 нафариники «яхши», 278 нафариники «қониқарли» ва 77 нафариники эса «қониқарсиз», деб топилди.
Иш фаолияти «аъло» деб топилган нотариусларга Зангиота туманидаги 7-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Зулфия Усмонова етакчилик қилди. Иш фаолияти «қониқарсиз» деб топилган нотариусларнинг энг қуйисидан Миробод тумани 6-сонли давлат нотариал идораси нотариуси Нафиса Мақсудова жой олди.
Ҳудудлар рейтингида Тошкент, Навоий ва Хоразм вилоятлари юқори ўринларни, Тошкент шаҳри, Жиззах ва Бухоро вилоятлари эса сўнгги ўринларни эгаллади.
Энг кўп сайёр нотариал ҳаракатлар Каттақўрғон тумани 1-сонли давлат нотариал идорасига тўғри келган. Бу уларнинг аҳоли ичига кириб бораётгани, халққа яқинлашганидан далолатдир. Шунингдек, таҳлил қилинган даврда нотариуслар томонидан 4 минг 256 ҳуқуқий тарғибот ва бошқа тадбирлар ўтказилган.
Республика бўйича 27 нафар нотариуснинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан келиб тушган шикоятлардаги важлар ўз тасдиғини топган ва нотариусларга нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Баҳолаш натижаларига кўра, иш фаолияти «аъло» баҳоланган нотариусларни рағбатлантириш ва иш фаолияти «қониқарсиз» деб топилган нотариусларнинг фаолиятини яхшилаш бўйича «Йўл хариталари» ишлаб чиқилди.
Бундан буён баҳолаш рейтинги ҳар олти ойда ўтказилиб, натижалари эълон қилиб борилади.
Бу жараёнда барча иштирок этиб, адлия тизими фаолияти сифатини баҳолаш бўйича таклифларни, соҳадаги қонун бузилиши ҳолатларини Адлия вазирлигининг «1008» ишонч телефони ёки вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳамда info@minjust.gov.uz электрон почтаси орқали маълум қилиши мумкин.
Изоҳ (0)