20 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг етакчи араб жамғармалари делегацияси бошчилигида ташриф буюрган Ислом тараққиёт банкининг президенти Бандар Ҳажарни қабул қилди. Бу ҳақда Президентнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Суҳбат давомида Банк билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Қишлоқ жойларда аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш, инфратузилма модернизацияси, республика минтақаларида тиббий ва таълим муассасаларини замонавий қурилмалар билан жиҳозлаш, бизнес ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини очишга қаратилган муҳим дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Катта салоҳият, энг муҳими ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишга урғу берилди.
Жорий йилнинг 17—20 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Ислом тараққиёт банки гуруҳи куни»нинг ўтказилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида имзоланган Ҳамкорлик стратегияси шундан гувоҳлик беради. 2018—2021 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик стратегиясининг ҳажми 1,3 миллиард долларни ташкил этади.
Ўзбекистон Президенти Самарқанддаги Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаганлиги учун Ислом тараққиёт банки раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Бандар Ҳажар Ислом тараққиёт банки гуруҳи учун Ўзбекистон минтақадаги асосий шерик эканлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)