Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси фуқароси У.А. қўшни давлатдан «Жартепа» чегара божхона пости орқали Ўзбекистонга кириб келаётиб, 6 февралдаги «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга зид равишда «Йўловчи божхона декларацияси»да кўрсатмасдан, кўп миқдорда, умумий баҳоси 5 миллионга яқин турли хил товарларни олиб ўтишга уринган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лазерли нур тарқатгичларни ишлатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 50-сон қарори билан лазерли нур тарқатгичларни четдан олиб кириш ва сотиш тақиқланган бўлишига қарамасдан, фуқаро У.А. ўзи билан хорижда ишлаб чиқарилган 515 дона лазер қурилмасини олиб кириши олди олинди. Божхона ходимлари мазкур товарларни ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида ҳужжатлаштириб, маъмурий баённома расмийлашлаштирган.
Суд, маъмурий иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳуқуқбузар У.А.га нисбатан жазо тайинлашда инсонпарварлик принципларига амал қилиб, унинг айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини, оилавий ва моддий шароитини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 22722-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 27-моддаси 1-қисмига асосан умумий баҳоси 5 миллионга яқин турли хил товарлар, лазер қурилмалари давлат эгалигига мусодара қилинди.
Изоҳ (0)