19 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, деб ёзади ЎзА.
Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини бериш мақсадида, шунингдек, инсонпарварлик принципларига асосланган ҳолда:
Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссиясини (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) иловага мувофиқ таркибда тузиш;
2018 йил 1 ноябрдан террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар (кейинги ўринларда – тақиқланган ташкилотлар) таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Комиссия хулосасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этиш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қуйидаги ҳолларда, ушбу Фармонга мувофиқ, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин:
айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса;
жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса;
тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса;
тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса;
жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса;
террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса;
террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса;
халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса;
террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар мавжуд бўлган материалларни адашиб ёки ахборот-коммуникация воситаларида тарқатишга қасд қилмаган ва бундай мақсадни кўзламаган ҳолда сақлаган бўлса.
Комиссияга қуйидаги ваколатлар юклатилди:
тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш;
мурожаат этган фуқароларнинг шахсини, шу жумладан, уларнинг содир этилган жиноятларга дахлдорлигини ҳар томонлама текшириш орқали ўрганиш;
мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган хулосаларни дастлабки тергов органларига ўрнатилган тартибда тақдим этиш;
содир этган қилмишига пушаймон бўлган ва айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиб мурожаат этган фуқароларга нисбатан тақиқланган ташкилотлар аъзолари томонидан салбий таъсир этилишининг олдини олиш бўйича тегишли чораларни кўриш учун ваколатли органларга топшириқлар юбориш;
жиноий жавобгарликдан озод этилган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишида, шу жумладан, бандлигини таъминлаш борасида кўмаклашиш ва мониторингини олиб бориш;
жиноий жавобгарликдан озод этилган шахслар билан профилактик-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича ваколатли органлар ва ташкилотларга топшириқлар юбориш.
Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби V.В. Maxмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклатилди.
Изоҳ (0)