Бухоро вилояти Ғиждувон туманида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслар, жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, суви муҳофаза қилинадиган зоналар тартиб-қоидаларига риоя этишни таъминлаш, мазкур соҳада юридик ва жисмоний шахслар масъулиятини оширишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ва Қонунчилик палатасига Бухоро вилоятидан сайланган депутатлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов олиб борган мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда юқорида қайд этилган ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишда жамоатчилик назорати фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, аҳолининг экологик-ҳуқуқий билимини бойитиш, масъулиятини ошириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Тегишли ташкилотлар, жумладан, назорат органлари раҳбарларининг ахбороти тингланди. Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ундан тежамкорлик билан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)