Ўзбекистон – Миср бизнес-форуми ва кооперацион биржа иштирокчилари томонидан умумий қиймати 470 миллион доллар бўлган, шу жумладан Миср банклари билан ҳамкорликда 60 миллион долларлик кредит битимларини ўз ичига олган сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирлар Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида амалга оширилди.
Савдо-иқтисодий йўналишнинг фаол вакилларини бирлаштирган ушбу бизнес-форум биринчи навбатда икки давлат ўртасида савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси ҳамда туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.
Тадбирда соҳага таалуқли вазирлик, идоралар, шунингдек Миср ҳамда Ўзбекистондаги йирик компания ва корхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Бизнес-форум давомида томонлар ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида икки мамлакат ўртасида ҳудудлараро алоқаларни ўрнатиш муҳимлигини таъкидладилар. Бу борада 2018 йил август ойида Искандария ва Наманган вилоятлари ўртасида ташқи савдо, инвестиция, маданий, ижтимоий, илмий-техникавий ва сайёҳлик соҳалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан шартнома имзоланган эди.
Изоҳ (0)