Жорий йил 14 сентябрь куни Мўйноқ туманида ўтказиладиган «Стихия» номли электрон мусиқа фестивалига National Geographic, Calvert, Mixmag Russia, Биринчи канал (Россия) ҳамда Tablet каби дунёнинг нуфузли медиа ташкилотлари вакиллари ташриф буюриши кутилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Centil Law Film, TrendSetter, Peopletravel ташкилотлари ташаббуси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури кўмаги билан ўтказилаётган мазкур фестивалга шунингдек, АҚШ, Исроил, Туркия, Германия, Россия ва Хитой давлатларидан кўплаб сайёҳлар иштирок этишга қизиқиш билдирган.
Фестиваль учун махсус ишга туширилган махсус веб-сайтда маълум қилинишича, тадбир Мўйноқда, Орол денгизининг қуриган тубида, яъни «Кемалар музейи» жойлашган жойда ўтказилади. Мусиқий овозлар денгиз томон йўналтирилади.
Фестивални ўтказишдан мақсад — жаҳон ҳамжамиятининг Орол денгизи муаммолари тўғрисида хабардорлигини ҳамда сувдан оқилона фойдаланишга масъулиятни, Орол денгизини қайта тиклашга муносабатини оширишдир. Шунингдек, фестивалда юқори сифатли электрон мусиқани тарғиб қилишга эътибор қаратилган.
Фестиваль бир кун давом этади. 14 сентябрь куни соат 18:00 да бошланадиган мусиқий овозли саёҳат туни бўйи давом этиб, эрталабки 4:00 гача жаранглайди. Сўнг иштирокчилар «Кемалар музейи»да пиёда сайр қилиб, Мўйноқда янгидан ташкил қилинган музейга ҳамда Нукус шаҳридаги И. Савицкий номидаги давлат музейига ташриф буюради.
Изоҳ (0)