«Дарё», «Kun.uz» ва «Xabar.uz» ходимлари АҚШга уюштирган сафар чоғида турли тадбирларда бўлди, кўплар билан суҳбат қурди. Жумладан, Чикаго Ўзбек-Америка ассоциацияси вакиллари билан ташкил этилган учрашувда АҚШнинг Иллинойс штатида истиқомат қилувчи ўзбеклар ҳаёти билан танишиш имконияти туғилди.
Ташкилот Иллинойс штатидаги ўзбекларни бирлаштирган. Ташкилот ўзбек урф-одатлари, қадриятлари ва она-тилини асраб қолишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Сафар чоғида ассоциация президенти Олим Шариповдан интервью олдик.
Қуйида суҳбатнинг тўлиқ видеосини кўришингиз мумкин:
Авваламбор, сизларни мана шу ерга ташриф буюришингиз биз учун қувончли ҳодиса бўлди. Чикагодаги Ўзбек-Америка ассоциацияси 2009 йилнинг январидан бошлаб ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу ерда бир киши бор. У киши АҚШда 1979 йилдан буён истиқомат қилади. Миллати ўзбек. Исмлари Сирожиддин Насафий. Ташкилот мана шу инсоннинг ташаббуси билан дунё юзини кўрди. Ҳозир у кишининг ёшлари 70 дан ошди. У киши жуда ватанпарвар зот. Шу сабабми, доим бизга, ўзбекликларингни, тилларингни, динларингни йўқотманглар, сиз йўқотмаслигингиз мумкин, аммо фарзандларингиз йўқотиши мумкин, деб насиҳат қилади.Олим Шарипов бугунги Ўзбекистон ҳаёти, олиб борилаётган сиёсатга ўз муносабатини билдирди.Биз ассоциация фаолиятини олти бўлимга бўлган ҳолда бажаряпмиз. Биринчиси маданият бўлими бўлиб, унинг фаолиятига турли фестиваллар, Наврўз, Ўзбекистон мустақиллиги байрами, иккита Ҳайит байрами ва шунга ўхшаш тантаналарни ўтказиш киради. Иккинчи бўлимимиз миллатлараро алоқалар бўлимидир. Бундан ташқари, спорт, хотин-қизлар, таълим-тарбия бўлимлари ҳам фаолият юритиб келади.
Ассоциацияни АҚШ ҳукумати қайдидан ўтказиш унча қийин бўлмади. Ўзимизнинг қонун-қоидаларимизни тузиб чиқдик. Ҳуқуқшунос ёрдам берди, жуда осон бўлди. Биз ҳеч қандай солиқ тўламаймиз, улардан озодмиз. Бироқ давлат томонидан моддий кўмак ҳам кўрсатилмайди. Биз ташкилот аъзолари ва хайрихоҳ инсонларнинг ҳомийлиги асосида иш олиб боряпмиз.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга ташриф буюрганларида у ерлик ўзбекистонликлар билан кўришган эдилар. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Ўша учрашувда у киши «Қандай қилсак алоқаларимиз янада яхшиланади?», деб савол бердилар. Шунда ўз таклифларимнинг баъзиларини айтдим, баъзиларини айтишга эса вақт етмади.Хуршид Далиев, Элдар Асанов ва Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.«Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва чет элдаги ватандошлар билан ҳамкорлик» деган ташкилот бор. Улар билан бизнинг ҳамкорлигимиз бор. Жорий йил ҳамкорликда фарзандларимизни Ўзбекистондаги оромгоҳга олиб бормоқчи эдик. Улар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авикомпанияси билан арзон чипталар масаласида келиша олишмади шекилли, бу иш амалга ошмай қолди. Кейинги йил мана шу режамиз амалга ошишидан умидвормиз, чунки ота-оналарни ишонтириш осон иш эмас.
Бу ҳар томонлама фойда. Чунки фарзандларимиз Ўзбекистонни ўз кўзлари билан кўрса, ватанга бўлган муҳаббатлари янада ошади. Эртага мана шу ерда катта-катта ишларда ишлаганларида Ўзбекистонга ҳам қайсидир маънода ёрдам беришади. Бунинг учун ватан билан бориш-келишни йўлга қўйиш зарур.
Ватаннинг қадри ундан чиққанингдан сўнг билинар экан. Мен бу ерда Жума намозига чиққанда бошимга ўзбек дўпписини кийиб бораман. Нима учун? Битта ўзбек учраб қолса, мени осон топиб олсин учун. Нью-Йоркда бўлган терактдан хабарингиз бор. Ўзбек миллати вакили томонидан амалга оширилди. Шундан сўнг, таксига чиққан мижозлар ўзбек ҳайдовчисининг машинасидан тушиб кетадиган бўлишди. Чунки, «Ўзбек ёмон экан», деган нафрат пайдо бўлиб қолди одамларда. Бизнинг энг катта ниятларимиздан бири ҳам, мана шундай ёмон тушунчани яхши тушунчага айлантириш.
Изоҳ (0)