Тошкентдаги International Hotel Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтган биринчи халқаро тўқимачилик анжумани мамлакатда тўқимачилик индустриясини ривожлантириш стратегияси ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди, деб ёзади ЎзА.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт, Ташқи савдо вазирликлари, тўқимачилик корхоналари вакиллари ва хорижлик меҳмонлар иштирок этди.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси I.Ҳайдаров, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Макгрегор, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен ва бошқалар Ўзбекистон билан бошқа давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида барча йўналишлар, хусусан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасининг равнақида ўзаро манфаатли ҳамкорликлар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, шу йил 13 та тўқимачилик кластерлари ташкил этилади ва улар тўғридан-тўғри фермер хўжаликлари билан пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришга контрактация шартномаларини имзолайди. Албатта, бундай имкониятлар тармоқ фаолиятини такомиллаштириш, хом ашёни қайта ишлаш, юқори қийматли тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича ягона комплекс жараённи яратишда муҳим омил ҳисобланади.
Тадбир доирасида тўқимачилик соҳасини янада ривожлантириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро тажрибаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантириш учун Бангладеш тажрибасини ўрганиш каби масалалар юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.
Анжуман пойтахтдаги «Ўзекспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида ўз ишини бошлаган UzTextile Expo 2018 биринчи текстил ва мода саноати ва «Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2018» ўн иккинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаларининг муваффақиятли ўтказилишида муҳим аҳамиятга эга.
Изоҳ (0)