Ўзбекистон футбол ассоциацияси Жанубий Корея терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш борасида келишувга эришди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
ЎФА ноябрь ойидаги ФИФА кунларидан унумли фойдаланиш мақсадида бир нечта кучли терма жамоалар билан музокаралар олиб борган ва Жанубий Корея терма жамоаси билан 20 ноябрда ўртоқлик учрашуви ўтказишга келишиб олган. Мазкур беллашув Австралияда бўлиб ўтади.
Бунга сабаб Ўзбекистон терма жамоаси ноябрда Осиё Кубоги—2019 мусобақасига тайёргарликни Австралияда олиб боради. Айнан шу тайёргалик доирасида ушбу ўртоқлик ўйини бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Эктор Купер бошчилигидаги миллий терма жамоа 6 сентябрь куни Сурия, 11 сентябрь куни Эрон, 13 октябрь куни Шимолий Корея ва 16 октябрь куни Қатар терма жамоаларига қарши Тошкентда ўртоқлик ўйинлари ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги 2019 йилнинг январь ойида БААда бўлиб ўтади. Ўзбекистон Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоалари билан «F» гуруҳида жой олган.
Изоҳ (0)