Қибрай туманида ўтказиладиган инновацион тадбиркорлик ҳафталиги доирасида ҳунарманд ва тадбиркор аёлларнинг Инновацион ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ихтирочи аёллар маркази томонидан ташкил этилаётган мазкур ҳафталик хотин-қизларни тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг фаолиятига инновацион ёндашувни жорий қилиш ҳамда аёлларнинг бизнес лойиҳаларини амалга оширишларига кўмаклашишдан иборат.
Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталигида туманнинг 86 маҳалласида истиқомат қилувчи 400 дан ортиқ тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини бошламоқчи бўлаётган, бандлиги таъминланмаган ва имконияти чекланган хотин-қизлар иштирок этади.
Ҳафталик доирасида оғир турмуш шароитида яшаётган ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ҳунармандчиликнинг 12 та йўналиши бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Маҳорат дарсларида иштирок этган хотин-қизлар ўз қизиқишлари асосида «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан устозларга бириктирилиб, уларга меҳнат дафтарчалари очилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қоʻмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Изоҳ (0)