Наманган шаҳридаги автобекатларда китоб жавонлари пайдо бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Бежирим ясалган жавонлардан бадиий, сиёсий ва болалар адабиётлари ўрин олди. Уларнинг ҳар бирига 30-40 тадан китоб жойлаштирилган.
— Мазкур жавонлар ҳозирча шаҳарнинг марказий Ислом Каримов кўчасидаги 5 та автобекатда ўрнатилди. Йил охиригача шаҳардаги барча 28 та бекатни қамраб олишни режалаштирганмиз, — дейди «Маърифат китоб олами» хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси, шаҳар кенгаши депутати Маъруфхон Мўминов.
Қайд этиш жоизки, мазкур акция шу ойда тақдимоти ўтказилган янги фонднинг илк ташаббуси бўлди.