Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Матбуот ва ахборот агентлиги нашрида «Бу гулшан соз экан, соз, устига соз этгани келдик...» номли мақола эълон қилинди. Ушбу мақолани  тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги

Фото: Матбуот ва ахборот агентлиги

Эл суйган таниқли ҳофиз Маъмуржон Узоқов ижросидаги «Бу гулшан соз экан...» ашуласи кўпчилигимизнинг севимли таронамизга айланган. Халқимизнинг бетакрор маданий мероси – мақом санъатини ҳам беназир гулшанга менгзаш мумкин. 6—10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани эса «устига соз этгани» келгувчилар билан гавжум бўлиши шубҳасиз.

Мақом тарихидан

Илк бор VII-VIII асрларда халқ мусиқаси негизи ва маҳаллий профессионал ижрочилик анъаналарининг ривожи йирик туркумли жанрлар шаклланишига олиб келди. Жумладан, Борбад ижодига мансуб «Хусравоний» туркуми. IX-Х асрларда мақомсимон чолғу ва ашула-чолғу асар ва туркумлар ривожланади. XI-XIII асрлардан бошлаб, то ХVII асргача Яқин ва Ўрта Шарқда «Дувоздаҳмақом» – 12 мақом туркуми кенг тарқалиб, мусиқа амалиётида қўлланиб келди.

XVIII асрда Бухорода янги туркум – «Шашмақом» узил-кесил шаклланди. XIX асрда «Хоразм мақомлари» туркуми ва Фарғона-Тошкент мақом йўллари вужудга келади. Кейинчалик «Шашмақом» ва бошқа туркумлар асосида мақом асарларининг янги услублари ва кўринишлари замонавий талқинда ривож олади.

Мақомчилик санъати қонунларини шарҳлаш, асослаш, мусиқа назарияси ва амалиётига оид масалалар IX асрдан бошлаб мусиқий рисолаларда ўз аксини топди. Мақомларни тартиблашда, муайян тизимга туширишда Урмавий ва Шерозийнинг (XIII-XIV аср) хизматлари катта.

ХХ асрда мақомчилик санъати ривожланиб, етук созандаю хонандалар ва бастакорлар ижоди ва репертуарларидан ўрин олди. Улар замонавий нота ёзувлари орқали тўпламлар сифатида нашр этилди, уларни назарий ва амалий ўзлаштириш ишлари амалга ошди.

2007 йили Исоқ Ражабовнинг «Мақомлар» номли йирик рисоласи ЮНЕСКО томонидан нашр этилди. 2003 йил ноябрь ойида «Шашмақом» ЮНЕСКО томонидан «Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси дурдонаси» деб тан олинди. 2008 йили умумжаҳон Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Ривоят

Темурийлар даврида яшаган Хожа Абдулқодир Мароғий, манбаларда зикр қилинишича, Соҳибқирон ғазабига учрагач, бир қанча вақт ёлғиз яшаб, қаландарона ҳаёт кечирди.

Кунлар ўтди. Саркарда ўз лашкари билан Ироққа юриш қилиш ҳаракатига тушди. Бундан хабар топган Абдулқодир Амирнинг қулоғига етиб борадиган бир назм тузишга қарор қилди. Шундай хаёл билан, у бир ғазал битди, уни басталади. Сўнг темирчига бориб, шу куй нағмаларини ҳосил қилувчи ҳар хил катталикдаги қўнғироқчалар ясатди. Сарбон билан келишиб, бу қўнғироқчаларнинг қайси туяга осилиши кераклигини ҳам келишиб олди ва куйни бехато ҳосил қиладиган бир тартибда туяларга остирди. Карвон йўлга чиқди. Туялар ҳаракатга келиб юра бошлагач, белгилаб қўйилганидек куй чалина бошлади. Соҳибқирон мусиқа илмидан хабардор эди, мусиқани яхши тушунарди. Қўнғироқчалардан таралаётган бу ёқимли куй Амирни бефарқ қолдирмади. Бу куй Ироқ мақоми йўлида яратилган бўлиб, уни бастакор «Амали тарона» деб атаган эди. Темур куйга эътибор қилар, куй эса ўз оҳангидан адашмасди. Шунда у сарой мусиқашуносларининг пешқадами бўлиб қолган, айни пайтда бош хонандалик вазифасида турган ва ушбу тадбирдан огоҳ Хожа Абдуллоҳ Лорийни ҳузурига чорлаб, унга деди:

– Муғанний, эшитяпсанми, бу қўнғироқчалар бир чиройли куй чиқармоқда?

– Шоҳим, - деди Лорий, - бир бегуноҳнинг гуноҳидан кечсангиз, мен бунинг сирини айтаман.

Амир:

– Бўпти, мен унинг гуноҳидан кечдим, - деди.

– Хожа Абдулқодир сизга ўзининг содиқлигини изҳор қилиш ниятида «Ироқ» мақоми йўлида ушбу куйни басталади, - деди меҳтар ва Амир қошида ана шу янграб турган куй жўрлигида Абдулқодир ёзиб берган янги ғазални куйлай бошлади:

Чун мирави сўйи Ироқ фаромушам накун…

(Мазмуни: Ироқ сари йўлга чиқсанг, мени унутма).

Натижада Амир Абдулқодирнинг содиқлигига шубҳа қилмай, унга аввалгидай марҳаматлар кўрсата бошлади.

Мақом йўналишлари

Ўзбек мумтоз мусиқасини ташкил этувчи мақом йўналишлари қуйидагилардан иборат:

Ялла (мақомот жанри асосида яратилган яллалар).

Катта ашула.

Бухоро «Шашмақоми».

Хоразм мақомлари.

Фарғона-Тошкент мақом йўллари.

Ўзбек миллий мақом санъати маркази

Марказ Президентнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилди.

Унинг асосий мақсади ўзбек миллий мақом санъатини мукаммал ўрганиш, анъанага мос тарғиб қилиш, халқимизни мусиқий меросимизнинг энг гўзал анъаналаридан баҳраманд этишдан иборат.

Ўзбек миллий мақом санъати маркази таркибида Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли фаолият олиб бормоқда.

Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли

Ўзбекистонда дастлаб илк профессионал мақом ансамбли фолклоршунос, Ўзбекистон халқ артисти, академик Юнус Ражабий томонидан 1959 йили Ўзтелерадиоси қошида ташкил этилган.

Ансамбл томонидан 1960—1962 йиллари «Шашмақом» ва «Тошкент-Фарғона мақом йўллари» туркумларига кирувчи чолғу ва асосан, ашула йўллари илк бора граммпластинкага ёзила бошлаган ва нашр этилган.

1976 йилда ансамбл раҳбари, академик Юнус Ражабий вафотидан сўнг Ўзбекистон халқ артисти Ориф Алимахсумов, Ўзбекистон санъат арбоби Шавкат Мирзаев, Ўзбекистон халқ артисти Ғанижон Тошматов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроил Ваҳобов унга раҳбарлик қилиб келдилар. Айни пайтда ансамбл раҳбари – Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби ва кўплаб давлат мукофотлари совриндори Абдуҳошим Исмоилов.

Мақом ансамбли аъзолари шу кунга қадар бир неча чет эл мамлакатларида ижодий сафарларда бўлиб, ўз концерт дастурларини намойиш қилиб келишган. Узоқ йиллар давомида бу даргоҳда етук хонанда ва созандалар хизмат қилишган.

Халқаро мақом санъати анжумани

Анжуман 2018 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир марта Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилади.

Анжуман доирасида қуйидаги тадбирлар ташкил этилади:

«Мақом мусиқа санъатининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида илмий-амалий конференция;

жаҳон ва Ўзбекистон мақомот санъати усталарининг якка концертлари;

мақом ансамбллари, хонанда ва созандаларнинг кўрик-танлови;

сайиллар, мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти хақида замонавий ва креатив усулда саҳналаштирилган дастур намойишлари;

мақом санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тақдимот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши.

Мақом музейи

Ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг фондини яратиш ҳамда музей ашёлари ва коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини кучайтириш, унинг натижаларини эълон қилиб бориш Шаҳрисабздаги музей фаолиятининг асосий вазифалари сирасига киради.

Тараддуд

Айни пайтда анжуманга тайёргарлик жараёнлари қизғин тус олган.

Хусусан, анжуманнинг рамзий белгиси тасдиқланди. Совриндорларга топшириладиган диплом, сертификат лойиҳалари, статуэтка намуналари ишлаб чиқилди.

Миллийликни ўзида акс эттирувчи либослар, актёрлар жойлашуви ва Оқсарой ҳудуди атрофида уларнинг юришларини ташкил этиш, майдонларни ҳудудлар кесимида тақсимлаш, уларга хос бўлган миллий урф-одат, анъана ва қадриятлар акс этган сценарий ва дастурлар лойиҳалари, мос мусиқий кетма-кетлик ҳамда видеороликлар тайёрланмоқда. Ўзбек, рус, инглиз тилларида «Мақом нима?» деб номланган китоб нашр этилмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар