Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Наманган вилоятининг Наманган туманидаги Тепа Қиёт маҳалласи аҳлининг йил бошидан тинчи бузилди. Бунга туман мутасаддиларининг маҳалладаги Авлиё Бузрукбува зиёратгоҳи ҳудудида хусусий болалар боғчаси қуриш режаси сабаб бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Мозорда қадимда яшаб ўтган авлиёнинг қабри, атрофида 30-40 сотих майдонда эса cўлим дарахтлар бор. Бу ерни кўпчилик зиёрат қилади, эҳсонлар ўтказилади. Айтишларича, яқинда Тожикистондан келган меҳмон бир ҳафта дастурхон ёзибди. Бундан 20 йил аввал шу ерга келиб, ўғил фарзанд ният қилган экан. Худога таваллоси етиб, ўғилли бўлибди, бироқ орада алоқалар узилгани учун шунча вақт келишга имкон тополмаган экан.

Хуллас, маҳалла фуқаролари оёққа турди, шикоятлар билан турли идораларга бош урди. Қурилиш бошланишига йўл қўймаслик учун ҳатто навбатчилик ҳам ташкил этилди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Қишлоқ оқсоқолларидан Эрали ҳожи Ғаниев шундай дейди:

— Маҳалламизда 3700 киши яшайди, 140 ўринли болалар боғчаси бор, эҳтиёжимизни қондириб турибди. Қўшни маҳаллаларда болалар боғчаси йўқ, ўша жойларга буни қурса бўлмайдими? 500 йиллик тарихга эга шундай азиз жойни асраб-авайлашимиз керак. 5 ойдан бери қанча идорага бордик шу масалада. 29 тасидан жавоб хати олдик, лекин ҳеч биридан амалий ёрдам бўлмади.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Меҳнат фахрийси Малика Болтабаева:

— Қиёт қишлоғимиз тарихи Хоразм давлатига бориб тақалади. Авлиё Бузрукбува зиёратгоҳи қишлоғимизнинг энг тарихий жойи ҳисобланади. Бу ерда ҳозир мавжуд мақбара ташқарисида ҳам олтита авлиёнинг қабри борлиги ота-боболаримиз томонидан айтиб келинади. Тарихни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қолаверса, бу жойда маҳалланинг сайллари, Наврўз байрамлари, етим-есирларга ҳатна тўйлари ўтказилиб келинади.

Маҳалла фаолларига кўра, зиёратгоҳдан 200 метр нарида мавжуд бўлган болалар боғчаси ҳудудида 70 сотих бўш жой ётибди. Ҳовуз деб қурилган қаровсиз иншоотнинг майдони эса 5 сотихга боради.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги ёндошуви билан қизиқиб, туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Ҳабибулла Ўринов билан боғландик. У кишининг айтишича, зиёратгоҳ ҳудудида хусусий болалар боғчаси қуриш режасидан воз кечилган. Боғча учун айнан давлат мактабгача таълим муассасаси яқинидаги ҳудуд танланган. «Бунинг учун бошқа жой қидирилса бўлмайдими?» деган саволимизга хусусий боғчани қуришга бел боғлаган тадбиркор ҳам шу маҳалладан эканлиги, ўзида қуриш истаги борлигини билдирди.

Айтилган сўз— отилган ўқ. Биз ҳоким ўринбосарининг ваъдасига ишондик. Ҳар эҳтимолга қарши, маълумот учун: Наманган туманидаги 54 та маҳалладан 29 тасида болалар боғчаси умуман йўқ.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

P.S. Зиёратгоҳ билан боғлиқ можаролар бошланганда қишлоқ фуқароларини арз-додини ҳокимликка етказган, идорасини ўша ерга кўчириб, қурувчиларни ҳудудга қўймаган Тепа Қиёт МФЙ раиси Абдулазиз Узақовнинг куни кеча аризаси олинди. Албатта, ўз ихтиёрига кўра...

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
«Ўзбекистон темир йўллари» талабалар учун чипталарга 50 фоизлик чегирма эълон қилди
Дунё
Байден ва Макроннинг кечки овқати Оқ уйга ярим миллион долларга тушди (видео)
Кино
«Маликанинг кундалиги», «Форсаж», «Жокер» — давоми экранларга чиқиши кутилаётган севимли фильмлар