Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 15 август куни АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили ёрдамчиси М. Линскотт раҳбарлигидаги АҚШ Савдо вакили офиси делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида савдо муносабатларида имкон қадар қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. 2018 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, мамлакатлар товар айланмаси 256 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилган.
Учрашувда Ўзбекистонга савдо имтиёзларини тақдим этиш борасида интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича мамлакат қатор ютуқларга эришаётгани қайд этилди. АҚШ томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашга тайёр экани алоҳида таъкидлади.
М. Линскотт Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйгани, бу ўзаро шериклик ва манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очганини алоҳида қайд этди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.Қўчқоров билан учрашди. Мулоқот чоғида икки мамлакат ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Делегация аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётни либераллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларни юқори баҳолади. Мамлакат иқтисодий секторида кузатилаётган фаоллик, хориж капиталини жалб қилишга қаратилган турли форумларнинг ташкил этилаётгани бунга имкон бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида ўтказилган музокарада делегация аъзоларига Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар ижроси ҳақида сўзлаб берилди. Ўтиши кутилаётган Марказий Осиё савдо форуми ва Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форумига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
АҚШ делегацияси шу куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлигида ҳам музокаралар ўтказди.
Изоҳ (0)