Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, доирачи Аббос Қосимов Куала-Лумпурдаги Unbeatable — Kaleidoscope зарба чолғу асбоблари халқаро фестивалида чиқиш қилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Мусиқачи фестиваль доирасида Ўзбекистон минтақаларида доира чалишнинг турли техника ва ритмларини намойиш этиб, доира чалиш бўйича маҳорат дарслари ўтказди.
«Малайзияда анъанавий ўзбек мусиқасининг мухлислари кўп. Улар учун бугун маҳорат дарси ташкил этилди. Ўзбекистонда мусиқа мактабини очиш яқин келажакдаги режаларимга киради. Шунингдек, келажакда маҳорат дарслари ўтказиш учун унга дунёнинг машҳур мусиқачиларини жалб этишга умид қилмоқдаман», — дейди Аббос Қосимов.
Аббос Қосимов — доира чалиш устаси, «Аббос» гуруҳи асосчиси. Ренди Глосс, Остин Морник, Хоумен Пурмехди, Эндрю Грушев, Адам Рудолф, Закир Ҳуссейн, Жованни Идалго, Терри Бозсио ва Свапан Чаудхури каби артистлар билан бирга чиқиш қилган.
Изоҳ (0)