Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида «Мақом музейи» фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг фондини яратиш ҳамда музей ашёлари ва коллекцияларини илмий татқиқ қилиш ишларини кучайтириш ва унинг натижаларини эълон қилиб бориш музей фаолиятининг асосий вазифалари сирасига киради.
Музейни жиҳозлаш, экпозициясини яратиш ҳамда эскиз ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
Маданият вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда музейни унинг асосий вазифаларидан келиб чиқиб, мақом санъатига оид ҳужжатлар, кино, фоно ва фотоматериаллар, музей ашёлари билан таъминлаш вазифаси топширилди.
Эслатиб ўтамиз, 6–10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида илк бор халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади.
Изоҳ (0)