9 август куни қўшни Тожикистонда тиббиёт мажмуасини қуриш учун мўлжалланган материаллар, махсус техникалар ва ускуналар ортилган юк автоколоннаси Ўзбекистон—Тожикистон чегарасини кесиб ўтди. Лойиҳани амалга ошириш «Ўзбекнефтгаз» компаниясига топширилган. Компания матбуот хизматининг хабар қилишича, автоколонна ўз сафарини Бухородан бошлади, деб ёзади «Газета.uz».
Ўзбекистон Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида тиббиёт мажмуасини қуриб, уни беғараз асосда тожик томонига топширади. Объект 200 койка-ўринга мўлжалланган.
Қурилиш Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда икки давлат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади.
Автоколонна таркибидан экскаватор, трейлер, муҳандис-техник ходимлар учун хўжалик вагонлари, 15 нафар мутахассис, жумладан механизаторлар, тупроқ ва тайёргарлик ишлари бўйича асосий ишчиларни қўшни мамлакатга олиб борувчи автобус ўрин олган.
Изоҳ (0)