3 август, пайшанба куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган 13-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари мактаб маъмурияти томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақидаги хабар ва фотолавҳалар муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси мазкур ҳолатга аниқлик киритди. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, чиндан 1 август, чоршанба куни мактаб ҳудудини ободонлаштириш ишларига 15 нафар педагог-ходим жалб этилган.
Янгийўл туман адлия бўлими томонидан 4 август, шанба куни 13-умумий ўрта таълим мактабида йиғилиш ўтказилган. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига асосан мамлакатда мажбурий меҳнатга жалб қилиш тақиқлангани айтиб ўтилди.
6 август, душанба куни Янгийўл туман Халқ таълими бўлимига мактаб маъмуриятига нисбатан интизомий чоралар кўриш ҳақида тақдимнома киритилди.
Изоҳ (0)