Тожикистон маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода раҳбарлигидаги Дўстлик делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи 1—4 август кунлари кунлари давом этади. Бу ҳақда Sputnik хабар бермоқда.
Томонлар ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Тожикистон президенти Ижро аппарати ташқи алоқалар бошқармаси раҳбари Ғуломжон Жўраев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо айланмалари 10 карра ошганини маʼлум қилди.
— Ўзбекистон Тожикистон учун йирик савдо ҳамкори бўлиб келган, — дейди Ғуломжон Жўраев. — Аммо «музлик даври» туфайли ўртамиздаги савдо айланмалари 0 га тушиб қолган эди. Лекин агар икки-уч йил олдин савдо айланмаси бор-йўғи 12 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 126 миллион долларни ташкил қилди, 2018 йилнинг биринчи олти ойида эса 128 миллионга тенг бўлди. Савдо айланмаси 10 карра ошди.
Жўраевнинг айтишича, 2018 йилнинг биринчи ярмида 700 минг ўзбекистонлик Тожикистонга келган ва яна шунча тожикистонлик Ўзбекистонга борган.
Тожикистон парламенти қўмита раиси Лутфия Ражаббоева икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик «катта истиқболга эга» эканини таъкидлаган.
— Илм-фан соҳаси ҳақида гапирмоқчи эдим, — дейди Лутфия Ражаббоева. — Илгарилари биз Ўзбекистон билан ушбу соҳада яқиндан ҳамкорлик қилганмиз. Жумладан, мен Тошкентда ўтказилган конференцияларда кўп маротаба иштирок этганман. Аммо, афсуски, охирги йилларда бундай анжуманларда иштирок этмадик.
Лутфия Ражаббоева ҳозирги вақтга келиб икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида кўплаб келишувлар имзоланганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига қараганда, келишувлар асосида ўзбекистонлик талабалар Тожикистонда ва ўз навбатида тожикистонлик талабалар Ўзбекистонда таҳсил олиши мумкин бўлади. Шунингдек, ўқитувчилар ҳам ўзаро тажриба алмашади.
Изоҳ (0)