WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли «яқин вақт» ичида Эквадор элчихонасини тарк этади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар бермоқда, деб ёзади Meduza.
Нашрнинг икки манбасига кўра, охирги вақтда Ассанжнинг соғлиғи жуда ёмонлашган, дипмиссия ҳудудида эса у зарур ёрдамни олиш имконига эга эмас.
Эквадор президенти Ленин Морено 28 июль куни мамлакат расмийлари Ассанж «муаммоси»ни ҳал этиш юзасидан Буюк Британия билан музокаралар олиб бораётганлигини маълум қилган эди. У нима бўлганда ҳам WikiLeaks асосчиси элчихонани тарк этиши лозимлигини таъкидлади.
Ассанж Буюк Британия суди унинг номусга тегиш айблови бўйича Швецияга топширилишини маъқуллагандан сўнг 2012 йилда элчихонага яширинган эди. Ҳозирда унинг Швеция айблови бўйича даъво муддати тугаган, бироқ унга Британия суди талабларига бўйсунишдан бош тортганлик бўйича ҳибсга олиш таҳдид қилмоқда.
Ассанж у АҚШга топширилиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. У ерда унга нисбатан ўлим жазоси қўлланилиши мумкин. Вашингтон унинг экстрадициясини ҳеч қачон расман талаб қилмаган.
Изоҳ (0)