«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 29 июлдан «Ҳаж-2018» дастури доирасида парвозларни бошлади. Бу ҳақда МАК матбуот хизмати «Дарё»га хабар бермоқда.
Зиёратчилар «Катта ҳаж»ни амалга ошириш учун Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига 2018 йилнинг 13 августига қадар Boeing-767 ҳаво лайнерларида парвоз қилиши мумкин.
Авиакомпания бир неча йиллардан буён ҳаж масканларига республика аэропортларидан тўғридан-тўғри парвозларни амалга ошириб келмоқда. Дастурга мувофиқ, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши ва Бухоро шаҳар аэропортларидан 7200 нафар зиёратчини етказиш учун мўлжалланган 32 та қатнов амалга оширилади. Республика аэропортлари ҳамда МАК самолётлари бортларида йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган.
Аэровокзалларда намоз учун алоҳида ибодат ва таҳорат хоналари мавжуд. Maxсус ишчи гуруҳи зиёратчиларга қатновни рўйхатдан ўтказишга ва божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга ёрдам беради. Учиш залларида уларга енгил нонушта, самолёт бортида эса Ketring корхонасининг махсус таомномаси асосида тайёрланган сифатли ва мазали таомлар тақдим этилади.
Зиёратчиларни Ўзбекистонга қайтариш 27 августдан 14 сентябргача Жидда шаҳридан амалга оширилади.
Изоҳ (0)