27 июлдан 28 июлга ўтар кечаси Ойнинг тўлиқ тутилиши кузатилади. Бу сафар ҳодисани Ўзбекистоннинг барча ҳудудида кузатиш мумкин. Бу ҳақда Фанлар академияси Астрономия институти директори ўринбосари, физика-математика фанлари номзоди Юсуф Тиллаев маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Унинг сўзларига қараганда, Ой тутилиши бутун Ўзбекистон ҳудудида бир вақтда — 23:24 да бошланади, бунда Ер сояси Ой дискини секин-аста тўса бошлайди. Бир соатдан кейин, яъни 28 июль соат 00:29 да Ой сирти соя билан батамом қопланади, тутилишнинг тўла фазаси бошланади.
Қуёш тутилганида у қисман ёки тўлиқ кўринмай қолади. Ой тутилишида эса Ой бутун тутилиш давомида кўриниб туради. Фақат у соя ичида ҳаракатлана бошлаганда у қизғиш-жигарранг тусда кўринади.
Тўла тутилиш фазасининг давомийлиги 1 соат 43 минутни ташкил қилади, яъни Ой 103 минут давомида сояда бўлади. У соат 2:14 да соядан чиқа бошлайди, соат 3:20 да эса бутунлай соядан холи бўлади. Тутилишнинг умумий давомийлиги эса салкам 4 соатни ташкил этади.
Тутилишни оддий кўз билан ҳам кузатиш мумкин. Охирги марта Ойнинг тўла тутилиши Ўзбекистонда шу йилнинг 31 январь куни кузатилган эди.
Худди шу куни яна бир ажойиб астрономик ҳодиса — Марснинг буюк рўпара туриши рўй беради. Ойнинг ёнгинасида, 6 градус жануброқда ёруғ қизғиш «юлдуз»ни кўриш мумкин, бу Марс сайёрасидир. У кун сайин Ерга яқинлашиб келмоқда, 27 июлда Марс энг қисқа масофа — 57,7 миллион километргача яқинлашади.
«Рўпара туриш» деб Марс «Ер—Қуёш» чизиғининг давомида Ер орбитасига энг яқин турган ҳолатига айтилади. Ер ва Марснинг яқинлашиши ҳар икки йилда содир бўлади ва бу ҳолатда Марс бутун тун давомида кўриниб туради. Олимнинг таъкидлашича, ҳатто шундай яқин масофадан ҳам Марсни юлдуздан фарқлаш анча қийин. 50 марта катталаштиришга эга телескоп ёрдамида унинг фақат дискини кўриш мумкин.
Изоҳ (0)