26 июль, пайшанба куни International меҳмонхонасининг Cristal Ballroom залида чет эл ва маҳаллий сармоядорларнинг инвестицион таклифларини очиқ муҳокама қилиш бўйича учинчи йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Тадбир Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан ташкил этилди. Учрашувда енгил саноатга сармоя жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Тадбирда Indorama Industries, Silk Expert Processing, Jenshen Group сингари 150 га яқин корхона вакиллари иштирок этди.
Анъанага кўра, Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Дилмурод Қосимов анжуман модератори бўлди.
Ягона платформа ўз ишини бошлагандан буён 376 та хорижлик ва маҳаллий сармоядор онлайн рўйхатдан ўтган.
Бугунга қадар улардан 310 та мурожаат келиб тушган. Хусусан, мурожаатларнинг 145 таси сармоя имкониятлари тўғрисида ахборот бериш, 63 таси кредит маблағларини олишда дуч келинган қийинчиликлар, 36 таси инвесторлар топиш, 31 таси инвестицион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш, 19 таси ер майдони ажратишда кўмаклашиш, 10 таси истиқболли лойиҳаларни хорижлик сармоядорларга таклиф қилиш, 6 таси мамлакатда инвестицион муҳитни яхшилаш масалаларига бағишланган.
Эслатиб ўтамиз, инвесторлар учрашувларининг биринчиси 12 июль, иккинчиси 19 июль куни бўлиб ўтган.
Изоҳ (0)