25 июль куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео таклифига биноан Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида иштирок этиш учун Вашингтонга ташриф буюрган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Миллий пресс-клубда «Ўзбекистонда диний эркинликларнинг янги даври» мавзусида махсус брифинг ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Абдулазиз Комилов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Қонунчилик палатаси аъзоси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Акмал Саидов, Адлия вазири Русланбек Давлетов ўз нутқларида таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи мамлакатда яшаётган турли дин ва конфессионал гуруҳларга нисабатан бағрикенглик ва ҳурмат билан муносабатда бўлинганидан дарак беради.
Брифинг қатнашчиларига Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида диний эркинликларни таъминлаш ва маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистонда 140 та миллат, 16 та конфессия вакиллари тинчлик ва тотувликда яшаб, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Миллий пресс-клуб мажлисида иштирок этган журналистлар, экспертлар, сиёсацҳуносларнинг саволларига ҳам жавоб берди.
Брифингда Америка томонидан АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Марказий Осиё бўйича директори Ж.Колберт, Глобал жалб этиш институти президенти Ж. Чен, Вашингтон Университети профессори К. Сайпл нутқ сўзлади.
Брифингда, шунингдек, АҚШ маъмурияти, Конгресс, эксперт-таҳлил ва ишбилармонлик доиралари, диний ва бошқа ноҳукумат ташкилотларнинг вакиллари иштирок этди.
Изоҳ (0)