«Грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган аҳоли ўртасида гриппнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қарорга мувофиқ грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган ҳамда мавсумдан олдин эмланадиган шахслар контингенти тасдиқланди.
Мазкур рўйхатга, жумладан, қуйидагилар киритилди:
Ҳомиладор аёллар;
Нафас олиш органлари ва юрак-қон томир тизимларининг маълум сурункали касалликларига чалинган катта ёшлилар;
60 ёшдан ошган шахслар;
6 ойликдан 59 ойликкача бўлган болалар;
Тиббиёт ходимлари;
«Меҳрибонлик» уйлари, қариялар, ногиронлиги бўлганлар учун «Саховат» интернат-уйлари, болалар шаҳарчалари, болалар уйлари, нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида яшаётганлар.
Давлат ижтимоий муассасаларида яшаётган шахсларни эмлаш давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Изоҳ (0)