Фарғона ИИБ бошлиғи Раҳматжон Маматов туманларда сайёр қабул ўтказиб, аҳоли билан мулоқот олиб бормоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.
Хусусан, Фарғона вилояти Бағдод тумани «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган сайёр қабулда фуқаролардан келиб тушган 22 та мурожаат кўриб чиқилди.
Мурожаатлар асосан ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, моддий ёрдам ажратиш, уй-жой, кредит олиш, ичимлик суви билан таъминлаш, йўлларни қайта таъмирлаш каби масалаларда бўлди. Мурожаатларнинг 7 таси шу заҳоти ҳал қилинди. 15 та мурожаат алоҳида назоратга олиниб, мутасадди ташкилотларга ижро учун юборилди.
«Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини 12/5-уйда истиқомат қилувчи Марғуба Раззоқова ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Натижада сектор раҳбарининг кўмагида Марғуба Раззоқова иш жойига эга бўлди.
Маҳалланинг Наврўз кўчасида яшовчи Сайёра Азизова ҳамда Сайёра Хожиеваларнинг худди шу мазмундаги мурожаати ҳам ҳал қилиниб, улар мактабгача таълим муассасаларига ишга жойлаштирилди.
«Сектор раҳбари сайёр қабул ўтказаётганидан хабар топиб, маҳалламиз кўчаларини асфальт қилишни сўраб аҳоли номидан мурожаат қилдим. Мурожаатим эътиборсиз қолмади. Маҳалламиз кўчасини асфальт қилиш келгуси йилги давлат дастурига киритиладиган бўлди», – дейди Наврўз кўчаси 37-уйда яшовчи Раҳимахон Чўлпонова.
Сайёр қабул бошқа туманларда ҳам ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)