Либерияда Эбола вируси билан касалланган аёл тузалганидан 1 йил ўтгач хасталикни оила аъзоларига юқтирди. Бу ҳақда The Lancet журналига таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
2015 йилнинг ноябрида 15 ёшли йигитга Эбола касаллиги ташхиси қўйилди. Шифокорлар унинг оила аъзолари — онаси, отаси ва 3 та укасини ҳам текширувдан ўтказди. Ота ва 8 ёшли ўғилда вирус аниқланди, бироқ улар яшаб қолди. 15 ёшли бемор эса бир неча кундан кейин вафот этди.
Она ва унинг 2 та кенжа ўғлининг соғломлиги аниқланди. Аёл ва унинг 2 ойлик ўғлида эса, Эболага нисбатан иммунитет борлиги маълум бўлди.
Шифокорлар ота ва 2 та ўғилда аниқланган вируснинг 2014 йили Ғарбий Африкада тарқалган эпидемия давридаги вирус билан ўхшашлигини аниқлади. Ўшанда эпидемия туфайли 11 минг киши вафот этган. Маълум бўлишича, аёлнинг акаси 2014 йили айнан ўша эпидемия даврида касалланган, аёл эса унга ғамхўрлик қилган ва касаллик унга юққан. Бироқ аёл тез орада тузалиб кетган. 2015 йил сентябрда туғуруқдан кейин унинг аҳволи оғирлашган. Шифокорлар буни Эбола хасталигининг асоратлари, дея баҳолаган. Унинг касаллиги вақтида эри ва фарзандлари унинг ёнида бўлган ва эҳтимол, айнан ўша вақтда улар вирусни юқтириб олган.
Шифокорлар вируснинг бемор тузалганидан кейин ҳам уни безовта қилиши мумкинлиги ва ўша даврда унинг яқинидаги одамларга юқиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилмоқда.
Изоҳ (0)