«Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қарорга мувофиқ, жами 62,45 гектар ҳудуд Самарқанд вилоят кичик саноат зоналари таркибига қўшимча равишда киритилди.
Шунингдек, қарор билан кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклаш ишларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, манзилли рўйхатда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун умумий қиймати 8 621,0 миллион сўм миқдоридаги маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, 2018 йил 16 мартда Президент қарорига асосан Самарқанд вилоятининг 14 та тумани (шаҳар)да жами 53,1 гектар майдонда кичик саноат зоналари (КСЗ) ташкил этилган эди.
КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига бизнес режаларини бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи тақдим этилган ҳолда 10 йиллик узоқ муддатли ижарага берилади.
Изоҳ (0)