Мирзо Улуғбек номидаги астрономия, физика, математика ва информатика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига 2018–2019 ўқув йили учун ўқувчилар қабули бошланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида 2018–2019 ўқув йили учун танлов эълон қилди. Эълонда мактаб-интернатга Тошкент шаҳрида жойлашган мактабларнинг 6-синф битирувчилари танлов асосида 7-синфга қабул қилинади, дейилган. Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА қабул учун масъул, Инновация вазирлиги етакчи мутахассиси Азим Азаматов билан боғланди.
Ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан 2018–2019 ўқув йили учун қабул фақат Тошкент шаҳридан амалга оширилади. Келгуси йилдан бошлаб эса республикамизнинг барча ҳудудларидан ўқувчилар қабул қилинади. Ҳозирча иккита синф (битта рус ва битта ўзбекча) учун ўқувчилар саралаб олиниши назарда тутилган. Ҳар бир синфга 20 тадан ўрин ажратилган. Ҳужжатлар жорий йилнинг 5 августига қадар қабул қилинади. Таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Танлов физика, математика ва инглиз тили фанларидан тест синовлари шаклида ўтказилади.Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 14 сентябрь куни имзоланган «Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва ‘Астрономия ва аэронавтика’ боғини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилган бўлиб, мактабда 200 нафар ўқувчи таҳсил олиши ҳамда ва 150 ўринли турар жой биноси ташкил этилиши кўзда тутилган эди.Азим Азаматов, Инновация вазирлиги етакчи мутахассиси
Изоҳ (0)