Аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Одил Аҳмедов, турон якка кураши бўйича халқаро турнирлар ғолиби Наргиза Ваҳобхўжаева ҳамда яна бир қанча актёр ва спортчиларнинг Тошкентда масжид қуриш режаси борлиги ҳақида маълумот берилган эди, деб ёзади ЎзА.
Бу ғояни Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов қўллаб-қувватлагани маълум қилинган эди. Шуҳрат Турдиқулов Наргиза Ваҳобхўжаевага Тошкентнинг Сергели туманида масжид қуришни тавсия қилган.
Наргиза Ваҳобхўжаеванинг айтишича, у ҳамон масжиднинг ташкилий ишлари билан банд. Яъни ҳозирча масжид жойи аниқланмаган. Наргиза Сергели тумани ҳокими билан масжидга ажратиладиган 40 сотих ерни бориб кўрган. Лекин у масжидни Тошкент марказида қуришни режалаштирмоқда.
«Аввал, масжидни Сергели туманида қуришни кўзлаган эдик. Кейинчалик, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масжидлар билан ишлаш бўлими билан биргаликда пойтахт марказида қуришни маслаҳатлашдик. Масжид кичик бўлса-да, у шаҳар марказида бўлгани маъқул. Шунингдек, унда қорилар рус ва инглиз тилида ҳам маъруза қила олиши керак. Мақсадимизда, шаҳримизга келган меҳмонлар учун, марказий меҳмонхоналарга яқин жойда масжид барпо қилиш ҳамда сайёҳлар учун бошқа тилларда ҳам маърузалар қилиниши кўзланган.
Мен актёр Ёқуб Аҳмедов билан биргаликда спортчи ва актёрлар ҳомийлигида қуриладиган масжиднинг ташкилий ишлари билан шуғулланяпман. Актёр ва спортчилар мендан уларнинг номини ошкор этмаслигимни илтимос қилган. Тўғриси, масжид қурилиши овоза бўлгач улар мени жуда кўп койиди. Чунки бундай ишлар одатда овоза қилинмайди», — дейди Наргиза Ваҳобхўжаева.
Изоҳ (0)