Тошкент ҳокимияти тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича лойиҳани ишга туширди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
14 июль куни ҳокимиятда тадбиркорлар ва чет эллик сармоядорлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда шаҳарнинг барча 11 туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган 8,13 триллион сўмлик 67 та йирик лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Уларни амалга ошириш учун 894,2 миллион сўмлик чет эл сармояси ва 218,9 миллион сўмлик банк кредитларини жалб қилиш, 9 300 дан ортиқ иш ўрнини очиш режалаштирилмоқда.
Тошкент ҳокими в. б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳар бир лойиҳани кўздан кечириб, ўз тавсияларини берди. У Тошкентда турар-жой қуришни режалаштираётган тадбиркорлар учун лойиҳаларни тасдиқлашнинг янги тартибларини маълум қилди.
Эндиликда турар-жой қурилиши якунига етганидан сўнг давлатга кўчмас мулкни сотишдан фоизлар тўланмайди, квартираларнинг 10—15 фоизи эса ҳокимият тасарруфига берилади. Шаҳар маъмурияти мазкур уйларни меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа фуқароларга беради.
Очиқ эшиклар кунлари якунига етганидан сўнг ҳокимият ходимлари ҳар бир лойиҳанинг бориши билан танишиб боради, сармоядор ва тадбиркорлар билан учрашиб, муаммоларни ўрганади, уларнинг саволларига жавоб беради.
16 июль, душанба куни ҳокимият Mirobod City лойиҳаси учун 300 миллион доллар сармоя киритишни мақсад қилган инвесторларни қабул қилди. Ушбу лойиҳа доирасида савдо маркази, турар жой, меҳмонхона, бизнес маркази, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади. Жами 20,05 гектар майдон ажратилади.
«Бузиладиган уйлар соҳиблари худди шу жойдан янги уйларга кўчиб ўтади», — дея тасдиқлади Elegant Perspective Building компанияси вакили.
Очиқ эшиклар кунлари ҳар шанба ўтказилади.
Изоҳ (0)