Самарқанд вилоятида ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш ҳамда вужудга келган салбий вазиятни зудлик билан бартараф этиш мақсадида шу йилнинг 17 июль куни вилоят Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда, вазирлик матбуот хизматига асосланиб, «Газета.uz» хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг кўрсатмасига мувофиқ, бош прокурор ва ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 13−17 июль кунлари ички ишлар органлари фаолиятига баҳо бериш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилишдаги ноўрин хатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада ўрнатмаганликлари оқибатида тизимли камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ва бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши, бундай ҳолат президент раҳбарлигида олиб борилаётган, халқнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг пировард мақсадларига мутлақо жавоб бермаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилинди.
Ички ишлар вазири хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда Самарқанд шаҳар, Нуробод, Жомбой, Пайариқ, Оқдарё, Тайлоқ, Самарқанд, Иштихон ва Пастдарғом туманлари Ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб, уларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартириш ва иш натижадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйганлиги учун вилоят ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари О. Раҳмонов, Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш. Ғаниев, Қўшработ туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Х. Усмонов, Тайлоқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари М. Маҳкамов, Оқдарё туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н. Усанов, Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Н. Тилавов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳар ва Самарқанд тумани ички ишлар органларининг барча ходимларини навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.
Изоҳ (0)